Қоратепадан топилган буюмлар орасида қадимги ёзма ёдгорликлар алоҳида гуруҳни ташкил этади. Бунга идишларга қора бўёқ билан туширилган ёзувларни ва ғорларнинг деворларида ўйиб ёзилган граффити ёзувларни мисол келтириш мумкин…
Сополдаги ёзувлар юнон алифбосига асосланган Бақтрия ёзувида, қадимий ҳинд ёзувида ёзилган ва Қоратепада буддавийлик ибодатхоналарининг гуллаб-яшнаган даврига тўғри келади.
Қоратепадаги эпиграфик топилмалар устида В. В. Вертоградова (1995) ва В. А. Лившис (1996) тадқиқот олиб боришган.
Қоратепада топилган сополларга битилган аксарият бақтрий ёзувлари мазкур идишларнинг муайян кишиларга (буддавий руҳонийларга) тегишли эканини англатади. Бошқа ёзувлар эса яхши тилаклар ва насиҳат маъноларини англатади. Бақтрийча ёзувлардан ташқари кхароштхи ва браҳми ёзувлари ҳам аниқланган. Масалан, Браҳми алифбосидаги ёзувли идиш бўлаги 1987 йилда топилган. Ёзув В. В. Вертоградова томонидан тикланган: “Омонлик! Ом! Бу сув идиши руҳоний Живананда учун [шахсий. Ҳеч ким олмасин!]”.
В. В. Вертоградованинг тушунтиришича, ҳинд анъаналарига кўра, идишга унинг эгасининг номини ёзиш амалиёти, хусусан Қоратепада, анча барқарор тузилмага эга бўлган ва унда яхши ниятлар билдириш ва муҳофаза қилиш сўзларидан таркиб топган. Бундай турдаги матн ўша руҳонийнинг шахси ва иззат-эътиборининг асл тасдиғи саналади.