Жаҳонгир даврида мураққа учун ишланган, олий ҳокимиятнинг ворисийлиги ғоясини ёритиб берувчи сулолавий туркум портретлар ривожлана бошлаган. Бундай портретларда ота – ҳукмрон подшоҳ ва унинг ўғли – ворис шаҳзода биргаликда акс эттирилган.
Жаҳонгир ҳукмронлиги даврида номаълум бобурийлар рассоми томонидан чизилган Мирзо Бойсунқур ва Шоҳрух иккаласи бирга тасвирланган ушбу қўшма портрет ҳам ана шундай сулолавий портретлардан бири бўлсада, у темурийлар сулоласи вакилларининг гуруҳ портретига олдиндан тайёргарлик учун чизилган хомаки чизма бўлиши ҳам мумкин.
Бу ерда Бойсунқур аввалги портретларидагига нисбатан бирмунча каттароқ кўринади. У отасининг ёнида тиз чўккан ҳолатда ўтирибди, бошининг устида Буюк Бобурийлар портрет санъати қоидаларига кўра битилган шахсини аниқловчи ёзувлар бор. У энди туркийларга ўхшаш қиёфада кичкина соқоли билан тасвирланган, устига темурийлар киядиган қаба – қимматбаҳо белбоғли гавдасига чиппа ёпишиб турган кўйлак-тўн (желак) кийган. Темурийлар тожи ўрнига бошига форс подшосининг сарой аъёнлари киядиган сафавийларнинг тожи ҳайдарийсига акс тарзда Ҳумоюн томонидан подшоҳнинг тор доирадаги яқинлари учун ўйлаб топилган тожи иззат бош кийимини кийган.
Бу бош кийими Ўрта Осиё кўчманчиларига хос тарзда кигиздан тайёрланган баланд қалпоқ бўлиб, унинг атрофига бир неча марта ўралган мато боғланган ва пат ёки аграф билан безатилган. Тожи иззатни кийиш мажбурияти подшоҳ Акбар вояга етган кунида бекор қилинган ва ундан кейинги миниатюраларда учрамайди.
Гарчи ушбу портрет тасаввурий портретлар тоифасига кирсада, Бойсунқур ва Шоҳрухнинг қиёфалари бир-бирига жуда ўхшаб кетади.