Шартнома, арзнома, тилхат, мактуб... Сўғд ҳужжатлари “гапирганда”

Ўрта Осиё халқлари тарихи ва маданияти учун сўғд тили ва ёзувининг улкан аҳамияти Самарқанддан 120 км шарқдаги Муғ қалъаси харбаларини қазиш чоғида топилган (XX асрнинг 30-йилларида), эрамизнинг 8 асри бошидаги сўғд ҳужжатлари архиви билан боғлиқ.

Топилган парчаларни бирлаштириш ва қайта ишлаш бўйича олиб борилган машаққатли меҳнатлар натижасида ҳужжатларнинг умумий миқдори аниқланди, уларнинг сони 76 та бўлиб, шунинг 72 таси сўғд, биттаси араб, учтаси хитой ва яна бири қадимги туркий тилда ёзилган. Ҳужжатларни битишда тери ва ёғочдан фойдаланилган. Уларнинг бир қисми Хитой қоғозига битилган.

Таркибига кўра, улар шахсий ва дипломатия номалари, шартномалар, тақвимлар, хўжалик ва ҳисоб-китоб қайдлари бўлган. Ҳужжатларни олимлар Ф.Фрейман, В.Лившиц, М.Боголюбов ва О.Смирновалар таржима қилган. Улар орасида Сўғд ҳукмдори Деваштичга Чоч, Фарғона ва турк хоқони билан арабларга қарши курашда иттифоқ тузиш учун юборилган мулозими Фатуфарннинг йўллаган номаси алоҳида аҳамиятга эга.

Муғ тоғидан топилган ҳужжатларда Сўғднинг ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий ва маданий тарихига оид қимматли маълумотлар мавжуд.

Шунингдек, ўзининг таркиби бўйича сўғд ҳужжатлари гуруҳи ҳам борки, у фанда “эски сўғди ёзувлари” деб аталади.  Айрим олимлар уларни 4 аср бошига, бошқалари эса эрамизнинг 2 асрига тааллуқли деб белгилайди.

Ўзбекистон ҳудудида ранг-баранг сўғди ёзувлари намуналари кўплаб топилган, бироқ уларнинг энг аҳамиятлиси сиёҳ билан битилган 16 қаторли деворий ёзув бўлиб, у 1965 йилда Афросиёб қадимги шаҳридаги қазилмаларда топилган.  Ушбу битик Самарқанд хоқони Авархуманга Чағониёндан (Сурхондарё) маҳаллий ҳукмдор Туронтошнинг совға ва келин олиб келган элчилари ҳақида ҳикоя қилинади.