Шоҳона бобурий қиличлари

Малайзия Ислом санъати музейида шоҳона бобурий қиличлари сақланади. Қиличлардан бири Бобурийлар сулоласининг учинчи ҳукмдори Акбарга, иккинчиси Жаҳонгирга тегишли деб ҳисобланади. 

ҲУКМДОР АКБАР ҚИЛИЧИ, Бобурийлар Ҳиндистони, XVI–XVII асрлар

Shohona boburiy qilichlari
Қиличга Ҳукмдор Акбар номи форс тилидаги байт шаклида настаълиқ хатида тиғнинг орқа четига зарҳал билан ўйиб ёзилган. Битик матни маъноси: “Яшиндек оғриқ нафасини берувчи тиғ / Жалолиддин Акбар Шоҳ Ғозийга мансублиги билан шон-шарафга сазовор қилич”. Бу байтдан ташқари, орқа томонда яна бир ёзув мавжуд: “Душман боши Зулфиқор (яъни Ҳазрати Алининг қиличи) остидадир; инсон ёлғизлигида Аллоҳ унга ёрдир”.

Қилич тиғи, эҳтимол, Германия ёки Италияда ясалган. Европа тиғли бобурий қиличлар одатда фаранги (сўзма-сўз “французларники”) деб аталган. Қилич дастаси гулсапсар ва барглар шаклидаги йирик зарҳал нақшлар билан безатилган. 

ҲУКМДОР ЖАҲОНГИР ҚИЛИЧИ, Бобурийлар Ҳиндистони, XVII аср

Shohona boburiy qilichlari
Ҳукмдор номи “Жаҳонгир Шоҳ” қилич тиғидаги жимжимадор лавҳада зарҳал ҳарфлар билан ўйиб ёзилган. Қиличдаги иккинчи жимжимадор лавҳада бир нечта очилмаган ҳарф ва рақамлар мавжуд – эҳтимол бу салтанатнинг аллақандай муҳим белгиларидир. Жаҳонгир ҳукмронлик қилган йил “3 йил” деб қайд этилган, бу 1607-1608 йилларга тўғри келади.

Қиличнинг гўзаллиги унинг тўқ кўк ранг билан сирланган ва турли тошлар қадаб, олти баргли гул нақшлари билан безатилган мис дастасида. Қиличнинг калта ғадир дастаси ва калта тиғтўсгичи бор. Тепа қисми диск шаклидаги қубба билан безатилган. Эгри бир томонлама кескир тиғда ярим ой ва думалоқ зарҳалланган белгининг ҳар икки томонида иккита юлдуз тасвирланган. Бу белгилар пичоқни венецияликлар қилганлигини кўрсатади. Қиличнинг қини йўқ бўлса-да, қилич бир пайтлар Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги ҳукмрон сулола аъзоси бўлган Синдхия Маҳарожаси Гвалиор тасарруфида бўлганлиги ҳақида хат сақланиб қолган. Шунингдек, хатда қилич сотувга қўйилмаган деб ёзилган. Сопи – сирланган мис қотишмаси, тошлар қадалган.