ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШ, САҚЛАШ ВА ОММАЛАШТИРИШ БЎЙИЧА БУТУНЖАҲОН ЖАМИЯТИНИНГ УЧИНЧИ ХАЛҚАРО КОНГРЕСИ

ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШ, САҚЛАШ ВА ОММАЛАШТИРИШ БЎЙИЧА БУТУНЖАҲОН ЖАМИЯТИНИНГ УЧИНЧИ ХАЛҚАРО КОНГРЕСИ

2019 йилнинг 22-23 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг III Халқаро конгресси бўлиб ўтди.

Бутун дунё шарқшуносларининг мазкур форуми «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» номли улкан мерос ҳафталигини очиб берди. Маданий мерос ҳафталиги  ўз навбатида, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида бўлиб ўтадиган «Моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш стратегияси» мавзусидаги халқаро конференциянинг ўтиш вақтига ҳам тўғри келаётган эди.

Конгрессда Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон маданий мероси тўпламига бағишланган 20 жилдлик китоб-альбомнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу китобларнинг дунё юзини кўришида Ўзбекистон, Франция, Буюк Британия, Польша, Чехия, Япония каби мамлакатларнинг етакчи мутахассислари иштирок этишган. 23 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Тошкент – ​​Шарқ юлдузи» номли тантанали маросим ҳам ташкил этилди.

III Халқаро конгрессда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумида суратга олинган Польша, Буюк Британия, Франция, АҚШ ва Ўзбекистон музейларида, шунингдек, бошқа миллий музейларда сақланаётган Ўзбекистон санъати дурдоналари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш этилди.

Худди шу куни, Парижда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти расмий рўйхатдан ўтганлигини эълон қилиш маросими ҳам ўтказилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дунёда ўхшаши йўқ бўлган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг конгресслари ҳар йили «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» халқаро мультимедиа лойиҳаси доирасида ўтказиб келинади.

22-27 август кунлари «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» мавзусидаги Маданий мерос ҳафталиги ўтказилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тадбир республиканинг тўртта шаҳри: Тошкент, Термиз, Самарқанд ва Бухорони қамраб олди.

Тадбирда 300 дан ортиқ шарқшунос олимлар, UNESCO экспертлари, шунингдек, 50 дан ортиқ халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

22 август куни Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг учинчи Халқаро конгресси бўлиб ўтди.

24 август куни Термиз шаҳрида «Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси» мавзусидаги халқаро археология ва туризм форуми ўтказилди.

Самарқанд шаҳрида 25 август куни Исломшунос олимларининг «Асрлар қаъридан таралган нур» мавзусидаги халқаро илмий конференцияси ташкил этилди.

26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан, ЮНЕСКО шафелигида, ташкилотнинг бош директори Одрэ Азуле иштирокида «Моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш – долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш стратегияси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

«Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими эса Маданият ҳафталикнинг якуний тадбири бўлди.