Япониялик олимлар Ўзбекистон маданий меросни оммалаштириш лойиҳасини юқори баҳолашмоқда

 

Айни пайтда Япониянинг пойтахти – Токио шаҳрида “Ўзбекистон ва Япония – Буюк ипак йўлида” деб номланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда. 

Тадбир Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий         ассоциацияси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташқилотлар кўмагида ташкил этилди.

Сир эмаски,  кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш, унинг тарихи, бой маданий мероси, туристик салоҳиятини тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг узоқ ва яқин хориж мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи арафасида ўтказилаётган ушбу анжуман ҳам Кунчиқар юртда Ўзбекистоннинг тарихий меросини янада кенгроқ тарғиб этишни кўзда тутади. 

Маълумки, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий алоққалар узоқ асрларга бориб тақалади. Бугунги кунда Япониядаги император хазинасида, бир қатор илмий ва маданий муассасаларида, музей ва кутубхоналарда Ўзбекистон билан боғлиқ юзлаб осори атиқалар сақланмоқда.

“Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” мультимедиа лойиҳаси  доирасида ўзбек ва япон олимлари ҳамкорлигида “Марказий Осиё санъати Япония тўпламларида” китоб-альбоми юзага келди. Ўзбек, япон, инглиз ва рус тилларида чоп этилган ушбу китобда икки халқ маданий алоқалари тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи қизиқарли мақолалар, Японияда сақланаётган Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан боғлиқ дурдоналарни ўзида акс этирган фотосуратлар ва маълумотлар ўрин олган. Эътибор лойиқ жиҳати шундаки, китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзи билан бошланади. 

Анжуманда ушбу китоб-альбом ҳамда ундаги маълумотлар асосида суратган олинган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, япон ва ўзбек олимлари иштирокидаги бундай йирик анжуман илк бор ўтказилмоқда. 

– Биз “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида дунёнинг ўндан ортиқ мамлмкатида ижодий сафарда бўлдик, - дейди Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Биз бугун Кунчиқар юрт заминидаги учрашувлар чоғида жаҳон миқёсида халқимизнинг буюк меросига, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш қанча юқори эканига амин бўлдик. 

Мазкур анжуманда ўзбекистонлик ва япониялик олимлар ҳам фаол иштирок этишмоқда. Улар бу каби тадбирлар илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари, жамоат арбоблари, сармоядорлар, умуман, Буюк ипак йўли мероси билан қизиқувчи барча инсонлар ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга хизмат қилишини таъкидлашмоқда. 

– Бугун тақдим этилаётган китоб-альбомлар чиндан ҳам таҳсинга лойиқ, - дейди Касихара Археология институти директорининг собиқ ўринбосари Киносита Ватару. – Бу китоб-альбомнинг яралишида менинг ҳам ҳиссам борлигидан мамнунман. Бу нашрлар орқали бизнинг музейларимизда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросининг ажойиб намуналари ҳақида маълумот олиш мумкин. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам давом эттирамиз. 

– Мен маданий мерос объектларини сақлаб қолишга қаратётган миссиз эътибори учун Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман, - дейди Япония императорлик қасри хазинаси бошқарувининг собиқ директори Ёнэда Юскэ. – Мамлакатингиз катта илмий салоҳият ва бой маданий меросга эга. Бизнинг маданий алоқаларимиз эса, жуда қадимий. Буни императорлик хазинасида сақланаётган, келиб чиқиши қадимий Ўзбекистон ҳудудларига бориб тақаладиган археологик топилмалар, турли бебаҳо артефактлар ҳам тасдиқлайди. 

Мазкур анжуман доирасида Япониянинг Токио, Киото сингари шаҳарларида ҳам қатор маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.