XXXI ЖИЛД. ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЙ МЕРОСИ АҚШ ВА КАНАДА ХУСУСИЙ ТЎПЛАМЛАРИДА

«Ўзбекистон маданий мероси АҚШ ва Канада хусусий тўпламларида» китоб-альбоми ўқувчиларни тақдирнинг минг бир зайли билан Ўзбекистондан океан ортига бориб қолган, бадиий аҳамиятига кўра бетакрор саналган ва ранг-баранг кўринишдаги ноёб осори атиқалар билан таништиради. Бу дурдоналар таркибида кашталар, матолар намуналари, кийимлар ва пойафзаллар, рўзғор буюмлари бор. Ҳозирги кунда улар хорижнинг Мэрилин ва Маршалл Вулф, Брюс Баганз, Рожер Пратт, Томас Коул каби машҳур коллекционерлари ва экспертларининг хусусий тўпламларида кенг намойиш этилмоқда. Дэвид ва Элизабет Рейнсбордларга тегишли бўлган шундай коллекциялардан бири, ўз соҳиблари томонидан Лос-Анжелес округи санъат музейи (LACMA) ихтиёрига топширилган. Яна бир коллекция соҳиби Дэвид Пейли ҳам 2022 йилда бўлиб ўтадиган кўргазмадан сўнг ўз нодир сақланмаларининг бир қисмини Американинг учта музейига бериш ниятида.

Ушбу нашр нафақат олим ва тадқиқотчилар, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросига қизиқувчи барча маҳаллий ва хорижий ўқувчилар, ёш авлод вакиллари учун мўлжалланган. Жаҳонда ўхшаши йўқ ушбу Лойиҳа мустақиллик йилларида яратилган имкониятлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг маданий, тарихий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш, бойитиш ҳамда янада кўпайтириш масалаларига бўлган шахсан эътибори туфайли амалга оширилмоқда.

Шунингдек, китоб-альбом саҳифаларда 3D форматида қўшимча визуал маълумотларни олиш учун планшет ёки смартфонда сканерлашга мўлжалланган QR кодлар мавжуд. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» кўпжилдли туркуми Ўзбекистоннинг ноёб тарихий-маданий меросининг бошқа намуналарига бағишланган китоб-альбомларни чоп этишни ҳам назарда тутади.

 

Смотреть еще