XXIII ЖИЛД. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ ТЎПЛАМИ УЧИНЧИ ҚИСМ БАДИИЙ АДАБИЁТ

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидан ўрин олган «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тўплами» китоб-альбоми беш қисмдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзу йўналишига эга. ЎзР ФА ШИ хазинасининг жуғрофий, мавзу ва хронологик нуқтаи назардан аҳамиятини тўлароқ намоён этиш мақсадида, китобда Ўзбекистон ҳудудида яратилган асарлардан ташқари ўрта асрлар Шарқининг бошқа минтақаларига оид қўлёзма асарларга ҳам ўрин берилди. 3-қисм (23-жилд) бадиий адабиётнинг нодир қўлёзма намуналари: шеърий тўпламлар, наср ва халқ оғзаки ижодига бағишланди.

2000 йилда ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди дунёдаги энг бой қўлёзма хазиналаридан бири сифатида ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилган. Ушбу нашр нафақат олим ва тадқиқотчилар, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросига қизиқувчи барча маҳаллий ва хорижий ўқувчилар, ёш авлод вакиллари учун мўлжалланган. Жаҳонда ўхшаши йўқ ушбу Лойиҳа мустақиллик йилларида яратилган имкониятлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг маданий, тарихий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш, бойитиш ҳамда янада кўпайтириш масалаларига бўлган шахсан эътибори туфайли амалга оширилмоқда.

Мазкур китоб-альбом ўқувчилари нашрга илова қилинаётган махсус ҳужжатли фильмлар ёзилган диск ёрдамида Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати ҳақида ўз тасаввурларини янада кенгайтиришлари мумкин. Шунингдек, саҳифаларда 3D-форматида қўшимча визуал маълумотларни олиш учун планшет ёки смартфонда сканерлашга мўлжалланган QR-кодлар мавжуд.«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» кўп жилдли туркуми Ўзбекистоннинг ноёб тарихий-маданий меросининг бошқа намуналарига бағишланган китоб-альбомларни чоп этишни ҳам назарда тутади.

 

Смотреть еще