XXIX ЖИЛД. ФРАНСИС РИШАР МОВАРОУННАҲР БЕЗАКЛИ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ ФРАНЦИЯ ТЎПЛАМЛАРИДА

«Мовароуннаҳр безакли қўлёзмалари Франция тўпламларида» китоб-альбоми Мовароуннаҳр ҳудудида яратилган, бироқ турли сабабларга кўра Франция кутубхоналарида сақланаётган ноёб қадимий қўлёзмаларни тақдим этади. Улар орасида темурий шаҳзода Шоҳруҳ Мирзо буюртмасига кўра ишланган, пайғамбар ҳаётидан лавҳалар нодир миниатюраларда аксини топган «Меърожнома» («Меърож ҳақидаги китоб») диний асари, Улуғбекнинг шахсий кутубхонаси учун бажарилган, «тахтдаги олим»нинг китоб эгаси эканлигини таъкидловчи каллиграфик ёрлиқ босилган «Сувар ал-кавакиб ас-сабита» («Қўзғалмас юлдузлар тасвири») илмий асари, саҳифаларини таниқли бухоролик қалам устаси Маҳмуд Музаҳҳиб миниатюралари безаган Низомий Ганжавийнинг «Маҳзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси») асари ва бошқа кўплаб асарлар бор.

Ушбу нашр нафақат олим ва тадқиқотчилар, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросига қизиқувчи барча маҳаллий ва хорижий ўқувчилар, ёш авлод вакиллари учун мўлжалланган. Жаҳонда ўхшаши йўқ ушбу Лойиҳа мустақиллик йилларида яратилган имкониятлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг маданий, тарихий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш, бойитиш ҳамда янада кўпайтириш масалаларига бўлган шахсан эътибори туфайли амалга оширилмоқда.

Мазкур китоб-альбом ўқувчилари нашрга илова қилинаётган махсус ҳужжатли фильмлар ёзилган диск ёрдамида Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати ҳақида ўз тасаввурларини янада кенгайтиришлари мумкин. Шунингдек, саҳифаларда 3D-форматида қўшимча визуал маълумотларни олиш учун планшет ёки смартфонда сканерлашга мўлжалланган QR-кодлар мавжуд. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» кўп жилдли туркуми Ўзбекистоннинг ноёб тарихий-маданий меросининг бошқа намуналарига бағишланган китоб-альбомларни чоп этишни ҳам назарда тутади.

 

Смотреть еще