IX ЖИЛД И.В.САВИЦКИЙ НОМИДАГИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ДАВЛАТ САНЪЯТ МУЗЕЙИ ТЎПЛАМИ

«Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумига кирувчи «И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи тўплами» (IX жилд) китоб-альбомида Ўзбекистон ҳудудидаги маданият ва санъатнинг тараққиётидан дарак берувчи, қадимги дунёдан то бугунги кунгача бўлган даврларга тегишли, қадим Хоразмнинг моддий ва бадиий маданияти ноёб намуналари – терракота, сопол ҳайкалчалар, бадиий металл, заргарлик буюмлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор жиҳозлари ва албатта, Туркистон авангардининг жуда бой тўплами ўрин олган. Тасвирий санъатнинг баъзи асарлари, хусусан Ўзбекистондаги машҳур рассомларнинг илк асарлари фақат Қорақалпоғистон давлат санъат музейидагина сақланиб, улар жаҳон тасвирий санъатининг «олтин фонди» ни ташкил қилувчи бебаҳо экспонатлар саналади. Ушбу нашр нафақат олим ва тадқиқотчилар, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросига қизиқувчи барча маҳаллий ва хорижий ўқувчилар, ёш авлод вакиллари учун мўлжалланган. Жаҳонда ўхшаши йўқ ушбу лойиҳа мустақиллик йилларида яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг маданий, тарихий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш, бойитиш ҳамда янада кўпайтириш масалаларига бўлган шахсан эътибори туфайли амалга оширилмоқда. Мазкур альбом ўқувчилари нашрга илова қилинаётган махсус ҳужжатли фильмлар ёзилган диск ёрдамида Ўзбекистоннинг бой маданияти ва санъати ҳақида ўз тасаввурларини янада кенгайтиришлари мумкин. «Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркуми Ўзбекистоннинг ноёб тарихий-маданий меросининг бошқа намуналарига бағишланган китоб-альбомларни чоп этишни ҳам назарда тутади.

Смотреть еще